Евроиттифоқ Россиянинг Wildberries компанияси раҳбарига санкция киритди

Евроиттифоқ Россиянинг Wildberries компанияси раҳбарига санкция киритди

Европа Иттифоқи Wildberries асосчиси ва бирлашган RWB компанияси раҳбари Татяна Кимни санкциялар рўйхатига киритди. Бу ҳақда Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро Европа Иттифоқи кенгашининг ташқи ишлар вазирлари даражасидаги йиғилиши олдидан маълум қилди.

Чекловлар жами 145 нафар жисмоний ва юридик шахсга нисбатан қўлланилган. Бундан ташқари, янги чекловлар пакетига “Петербург нефт терминали” ҳам киритилган.

RWB матбуот хизмати ТАСС агентлигига Татяна Кимга қарши киритилган Европа Иттифоқи санкциялари бирлашган компания ёки унинг экотизим ташкилотлари фаолиятига таъсир қилмаслигини билдирди.

Франциянинг Европа ишлари бўйича вазири Бенжамен Ҳаддад Европа Иттифоқи Россияга қарши қўшимча санкцияларни тасдиқлаш ниятида эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, янги чекловлар яна 150 та ташкилот ва 50 та банкка таъсир қилади.

Вазир рўйхатга киритилган ташкилотларнинг аксариятини Париж таклиф қилганини таъкидлади. Ҳаддад Европа Иттифоқи Россияга иқтисодий босим ўтказишда ва Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини қўшимча қилди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: