Эбола сабаб Канадага кириш чекланмоқда

Эбола сабаб Канадага кириш чекланмоқда

Канада расмийлари Эбола вируси тарқалган ҳудудлардан мамлакатга борувчи сайёҳлар 21 кун давомида ўз-ўзини изоляция қилиши шартлигини эълон қилди. Шунингдек, ҳукумат Конго, Жанубий Судан ва Угандадан ички миграция бўйича топширилган аризаларни кўриб чиқишни 90 кунга тўхтатиб туради. Бу ҳақда AP хабар берди.

Канада Жамоат саломатлиги агентлиги маълумотларига кўра, ушбу чоралар “юқори даражадаги эҳтиёткорлик нуқтаи назаридан” жорий этилмоқда ва жорий йилнинг 29 августига қадар амал қилади. Касаллик белгилари бўлган сайёҳлар тиббий кўрикдан ўтказиш учун шифохоналарга жойлаштирилади.

Жорий йилнинг 22 май куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Эбола безгаги хавфи даражасини миллий миқёсда “ўта юқори”, минтақавий даражада эса “юқори” деб баҳолаганди. Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, глобал миқёсда хавф даражаси ҳозирча “паст” бўлиб турибди.

24 май ҳолатига кўра, Эбола билан касалланганлар сони 900 кишига етган. ЖССТ баҳолашича, 220 дан ортиқ бемор вафот этган.

Канада Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таъкидлашича, бу чоралар “Эбола касаллигининг жиддийлиги ва дунёдаги вазият, жумладан, футбол бўйича Жаҳон чемпионати” инобатга олинган ҳолда қабул қилинмоқда.

Маълумот учун, футбол бўйича ЖЧ-2026 учта мамлакатда: АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Ўйинларга жами 16 та шаҳар мезбонлик қилади. Турнир 2026 йилнинг июнь-август ойларига режалаштирилган бўлиб, ҳал қилувчи финал учрашуви 19 июлга белгиланган.

Эболанинг тарихдаги энг ҳалокатли авж олиши 2014–2016 йилларда Ғарбий Африкада кузатилган эди. Ўшанда 11 минг 300 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, касалликни юқтирганлар сони эса 28 минг 600 дан ошиб кетган эди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: