Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити муносабати билан табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити муносабати билан табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити муносабати билан табриклаб, юртдошларга тинчлик, фаровонлик ва бирлик тилади. Давлат раҳбари ўз табригида ҳайит байрами мамлакатда инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва саховат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлаган.

Президентнинг қайд этишича, Қурбон ҳайитининг эзгу қадриятлари кўпмиллатли Ўзбекистонда осойишталик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, маҳалла ва хонадонларни обод этиш ишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Табрикда кейинги йилларда мамлакатда ислом маданий мероси ва буюк алломалар илмий-маърифий меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш ишлари янги босқичга кўтарилгани қайд этилган. Жумладан, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ҳамда Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий ва туризм мажмуаси каби мажмуалар Янги Ўзбекистоннинг муҳим маънавий-маърифий лойиҳалари сифатида тилга олинган.

Давлат раҳбари бу йил 15 мингдан ортиқ ўзбекистонлик муқаддас ҳаж сафарини адо этаётганини маълум қилган. Шунингдек, Ўзбекистон тарихида илк бора “Президент ҳожилари” дастури жорий этилгани, унга кўра 100 нафар уламо, нуроний ва маҳалла фаоллари ҳамда уларнинг оила аъзолари ҳаж сафарига юборилгани қайд этилган.

Президент ҳаж зиёратини адо этаётган юртдошларнинг ибодатлари қабул бўлишини тилаб, улар қайтганидан сўнг жамиятда маънавий-маърифий ишларни кучайтиришда фаол иштирок этишига умид билдирган.

Шунингдек, давлат раҳбари хориждаги ватандошларни, байрам кунлари хизмат ва ҳарбий вазифасини бажараётган фуқароларни ҳам табриклади ҳамда мусулмон давлатлари ва ҳамкор мамлакатларга тинчлик ва равнақ тилаган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: