Машҳур бренд Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқармоқчи
Германиянинг Volkswagen автоконцерни Ўзбекистон автомобиль саноатини янада ривожлантириш дастури доирасида Тошкентда йирик йиғув ишлаб чиқаришини ташкил этиш ниятида. Бу ҳақда Британиянинг “Just Auto” портали хабар берди.
Нашрга кўра, лойиҳанинг биринчи босқичида Ўзбекистон пойтахтида автомобилларни йирик бўғинли йиғишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Келгусида ишлаб чиқаришни “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида юқорироқ маҳаллийлаштириш даражасига ўтказиш кўзда тутилган.
Таъкидланишича, лойиҳа 2025 йил июнь ойида стратегик шериклик битими имзоланган “Ўзавтосаноат” давлат компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Мақолада Ўзбекистон автомобиль саноати барқарор ривожланиш суръатларини намойиш этаётгани алоҳида эътироф этилган. Айни пайтда мамлакатда Chevrolet, BYD, KIA ва Hyundai каби халқаро брендлар билан ҳамкорликда маҳсулот ишлаб чиқарувчи бешта автомобиль заводи фаолият юритмоқда.
Хабарда айтилишича, соҳада 10 мингдан ортиқ мутахассис банд бўлиб, 300 дан зиёд маҳаллий корхона автомобиль ишлаб чиқарувчиларни бутловчи қисмлар билан таъминлайди.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш, илмий-тадқиқот фаолиятини кенгайтириш ҳамда 2026 йил охиригача автокомпонентлар бозорини ривожлантиришнинг комплекс стратегиясини тайёрлаш вазифаларини қўйгани қайд этилган.
