Нетаняху Ғазо секторининг 70 фоизини назоратга олмоқчи

Нетаняху Ғазо секторининг 70 фоизини назоратга олмоқчи

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху мамлакат армиясига Ғазо сектори устидан назоратни 70 фоизгача кенгайтириш бўйича топшириқ берганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Исроил сектордаги ҳудудларнинг 60 фоизини назорат қилмоқда.

Нетаняху бу ҳақда конференциядаги чиқишида айтган. У Ғазодаги назорат ҳудудини яна кенгайтириш Исроилнинг навбатдаги вазифаси эканини билдирган.

Бу қарор Исроил ва ҲАМАС ўртасида 2025 йил октабр ойида АҚШ президенти Доналд Трамп воситачилигида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишуви шартларига зид келиши мумкин. Келишувга кўра, Исроил қўшинлари “сариқ чизиқ” деб аталадиган демаркация ҳудудигача чекиниши керак эди.

Нетаняхунинг баёноти Ғазода давом этаётган Исроил зарбалари ва АҚШ воситачилигида Исроил ҳамда ҲАМАС ўртасидаги билвосита музокаралар фонида янграган. Қайд этилишича, томонлар ўртасидаги музокаралар ҳозирча натижа бермаяпти.

ҲАМАС назоратидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, октабр ойида ўт очишни тўхтатиш кучга кирганидан бери камида 738 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. БМТ ушбу идора эълон қилаётган маълумотларни ишончли деб ҳисоблайди.

20 банддан иборат тинчлик режасининг кейинги босқичлари ҲАМАСни қуролсизлантириш ва Исроил қўшинларини Ғазодан олиб чиқишни назарда тутади. Бироқ бу жараён боши берк кўчага кириб қолган.

Исроил мудофаа вазири Исраел Кац аввалроқ ҲАМАС Ғазони на фуқаролик, на ҳарбий жиҳатдан бошқармаслиги кераклигини айтганди. У шунингдек, Ғазо секторидан “ихтиёрий эмиграция” режасини ҳам тилга олган. Унинг сўзларига кўра, бу режа “мос вақтда ва тегишли тартибда” амалга оширилади.

Исроил ҳукуматидаги ўта ўнг қанот вакиллари Итамар Бен-Гвир ва Бетсалел Смотрич ҳам аввал фаластинликларнинг Ғазодан “ихтиёрий миграцияси” ғоясини очиқ қўллаб-қувватлаган.

Сўнгги кунларда Ғазода яна бир қатор зарбалар амалга оширилган. Маҳаллий шифохоналар маълумотларига кўра, чоршанба куни кечқурун Ғазо шаҳридаги бинога берилган зарба оқибатида камида 10 киши, жумладан, беш бола ҳалок бўлган.

Исроил армияси эса Ғазо секторининг шимолида ҲАМАСнинг икки вакилига зарба берганини билдирган, бироқ уларнинг исмларини ошкор қилмаган.

Бундан бир кун аввал Исроил зарбаси оқибатида ҲАМАС ҳарбий қанотининг янги раҳбари Муҳаммад Ода ҳалок бўлгани хабар қилинган. У билан бирга рафиқаси ва икки ўғли ҳам ҳалок бўлган.

Ғазодаги уруш 2023 йил 7 октабрда ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан кейин бошланган. Исроил маълумотларига кўра, ўша ҳужумда тахминан 1,2 минг киши ўлдирилиб, 251 киши гаровга олинган.

Бунга жавобан Исроил Ғазо секторида кенг кўламли ҳарбий операция бошлаган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2026 йил 12 май ҳолатига кўра, анклавда 72 742 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, яна 172 565 нафари яраланган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: