Дунё уруш ҳолатида: можаролар сони Иккинчи жаҳон урушидан бери рекорд даражага етди
Норвегиянинг Тинчлик тадқиқотлари институти (PRIO) томонидан тайёрланган йиллик ҳисоботга кўра, 2025 йилда давлатлар иштирокидаги қуролли можаролар сони 1946 йилдан буён энг юқори даражага етган.
«Можаролар тенденциялари» ҳисоботида камида битта давлат иштирок этаётган 65 та қуролли можаро қайд этилган. Уларнинг саккизтаси давлатлараро тўқнашувлар ҳисобланади. Улар қаторига Россия ва Украина ўртасидаги уруш, Ҳиндистон ва Покистон, Покистон ва Афғонистон, Камбоджа ва Таиланд ўртасидаги чегара тўқнашувлари ҳамда Исроилнинг Сурия ҳудудига берган зарбалари киритилган.
Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, 2025 йил қурбонлар сони бўйича 1994 йилдаги Руанда геноциди ва 2021 йилдаги Эфиопиядаги фуқаролар уруши авж олган даврдан кейинги энг оғир йиллардан бири бўлган.
Ҳисоботга кўра, ҳарбий ҳаракатлар ва сиёсий зўравонликлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони тахминан 245 минг кишини ташкил этган. Шундан 76,5 минг нафари тинч аҳоли бўлиб, бу умумий қурбонларнинг чорак қисмидан кўпроғини ташкил этади. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан қарийб беш баробар кўпдир.
Мутахассислар қурбонлар сонининг кескин ошишини асосан Судандаги қуролли тўқнашувлар билан боғламоқда. Мамлакатда ҳукумат қўшинлари ва исёнчилар ўртасидаги жанглар, қирғинлар ҳамда гуманитар инқироз ўтган йили ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган.
PRIO тадқиқотчиси Сири Ос Рустаднинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда бир вақтнинг ўзида бир нечта йирик можаролар давом этмоқда ёки бири тугаши билан бошқаси бошланмоқда.
«Дунёга деярли тинчлик берилмаяпти. Аввалги йиллардан фарқли равишда, можароларнинг шиддати юқори ва доимий бўлиб қолмоқда», — деди у.
Ҳисоботда Африка давлат иштирокидаги 29 та можаро билан энг нотинч минтақа сифатида қайд этилган. Ундан кейин Осиё ва Яқин Шарқ келади. Европа ҳудудида эса битта йирик давлатлараро уруш мавжуд бўлса-да, унинг кўлами қитъа Иккинчи жаҳон урушидан бери кўрмаган даражага етгани таъкидланган.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, дунёда «уруш» деб баҳоланиши мумкин бўлган йирик қуролли можаролар сони ҳам йил сайин ортиб бормоқда.
