Хитой ўз сувларида “жосус ҳайвонлар” аниқланганини эълон қилди

Хитой ўз сувларида “жосус ҳайвонлар” аниқланганини эълон қилди

Хитой Давлат хавфсизлик вазирлиги хорижий разведка хизматлари мамлакат сув ҳудудларини кузатиш учун махсус сенсорлар ўрнатилган ҳайвонлардан фойдаланаётганини маълум қилди.

Вазирлик Хитойнинг WeChat платформасида эълон қилган баёнотида Хитой атрофидаги денгизларда кўринмас махфий уруш кетаётганини таъкидлаган. Унга кўра, хорижий ташкилотлар турли замонавий кузатув қурилмалари ёрдамида махфий маълумотларни йиғиб, сув ости хариталарини яратмоқда. Расмийларнинг фикрича, бу мамлакат миллий хавфсизлигига жиддий таҳдид туғдиради.

Баёнотда айтилишича, жосуслик фаолиятида йирик денгиз ҳайвонлари, жумладан, “жосус тошбақалар” ва “жосус балиқлар” ҳам қўлланилмоқда. Хитой томонининг иддао қилишича, бу ҳайвонлар мамлакат сув ҳудудларида сузиб юрган пайтда уларга махсус сенсорлар бириктирилган ҳолда аниқланган.

Вазирлик маълумотига кўра, ушбу қурилмалар сув ҳарорати, шўрланиш даражаси ва океан оқимлари каби денгиз муҳитига оид нозик маълумотларни реал вақт режимида йиғиб, сунъий йўлдош орқали хорижга узатган.

Шу билан бирга, расмийлар бундай ҳайвонлар қаерда топилгани ёки уларга сенсорларни айнан қайси давлат ёки ташкилот ўрнатгани ҳақида аниқ маълумот бермаган.

Бундан ташқари, расмийлар тўлқин ҳаракати ва қуёш энергияси ёрдамида ишлайдиган янги турдаги қурилмалар ҳақида ҳам гапирган. Уларнинг таъкидлашича, хорижий кучлар ушбу автоном қурилмалар орқали ҳарбий аҳамиятга эга денгиз маълумотлари ҳамда кемалар ҳаракати ҳақидаги ахборотларни узатмоқда.

Хитой оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, мамлакат ҳукумати сув ҳудудларида жосуслик қурилмаларини аниқлаган балиқчиларга 50 минг юандан 500 минг юангача мукофот пули тўлайди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: