ЖЧ-2026. Қатар эртаги тугади – Канада – Қатар 6:0
Канада терма жамоаси Жаҳон чемпионати—2026 гуруҳ босқичи доирасида Қатар терма жамоаси устидан йирик — 6:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашув Ванкувердаги «БЦ Плейс» стадионида бўлиб ўтди.
Ўйиннинг 16-дақиқасида Кайл Ларин ҳисобни очган бўлса, кўп ўтмай Жонатан Дэвид канадликларнинг устунлигини икки баробарга оширди. 33-дақиқада қатарликлар майдонда бир киши кам бўлиб қолишди — Хомам Аҳмад сўнгги умид фоли учун тўғридан-тўғри қизил карточка олиб, майдондан четлатилди. Биринчи бўлим якуни арафасида Дэвид дублини расмийлаштириб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди.
Иккинчи бўлим бошида Канада терма жамоаси ярим ҳимоячиси Исмаэль Коне Ассим Мадибо билан тўқнашувдан сўнг жиддий жароҳат олди. Ушбу қўполлиги учун қатарлик футболчи ҳам майдондан четлатилди. Захирадан майдонга тушган Натан Салиба жарима зарбасини голга айлантириб, ҳисобни 4:0 кўринишига келтирди. 75-дақиқада Қатар ҳимоячиси Муҳаммад Аль-Маннаи тўпни ўз дарвозасига жойлаб қўйди (автогол), ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда эса Жонатан Дэвид хет-трикини расмийлаштириб, учрашувга якуний нуқтани қўйди.
Ушбу ғалабадан сўнг Канада ўз очколарини 4 тага етказиб, «В» гуруҳида биринчи ўринга кўтарилиб олди. Қатар эса 1 очко билан сўнгги поғонани банд этиб турибди.
ЖЧ-2026 нинг 3-турида Канада терма жамоаси Швейцарияга қарши майдонга тушса, Қатар Босния ва Герцеговина билан куч синашади. Иккала учрашув ҳам 24 июнь куни бўлиб ўтади.
КАНАДА — ҚАТАР — 6:0
Голлар: Кайл Ларин 16 (1:0), Жонатан Дэвид 29 (2:0), Жонатан Дэвид 45+3 (3:0), Натан Салиба 64 (4:0), Муҳаммад Ал-Маннаи 75-автогол (5:0), Жонатан Дэвид 90+2 (6:0).
Канада: Крепо, Де Фужероль (Олувасейи, 71), Корнелиус (Бомбито, 46), Ларея, Джонстон, Эуштакиу, Коне (Салиба, 57), А. Ахмед (Шаффелберг, 71), Бьюкенен (Сигур, 83), Ларин, Дэвид.
Қатар: Абунада, Педру Мигель, Хухи, Х. Ахмед, Аль-Оуи, Мадибо, Лайе, Абдулсаллам (Фати, 46; Мендес, 87), Афиф (Аль-Хуссейн, 59), Эдмилсон Жуниор (Аль-Маннаи, 46), Абдурисак (Аль-Браке, 40).
Огоҳлантиришлар: Корнелиус (9) — Фати (62).
Четлатишлар: Х. Ахмед (33), Мадибо (53).
