Каннаваро: «Роналдуни бир лаҳзага ҳам эътиборсиз қолдириб бўлмайди»

Каннаваро: «Роналдуни бир лаҳзага ҳам эътиборсиз қолдириб бўлмайди»

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Португалия терма жамоасига қарши ўйин олдидан матбуот анжуманида иштирок этди.

 

«Рақибимиз Жаҳон чемпионатидаги энг кучли жамоалардан бири ҳисобланади. Агар Португалия жамоасини таҳлил қилиб кўрсангиз, уларнинг қанотларда жуда кучли футболчилари бор, дунёнинг энг яхши ярим ҳимоя чизиқларидан бирига эга, шунингдек футбол тарихидаги энг яхши футболчиларидан бири ҳам шу жамоада ўйнайди. Шундай экан, бу осон ўйин бўлмайди. Лекин биз Жаҳон чемпионатидамиз, жамоа сифатида ҳаракат ва меҳнат қилишимиз зарур. Чунки ижобий натижа билан майдонни тарк этишнинг ягона йўли шу», — деди Каннаваро.

 

Мураббий Португалия ўйин услуби ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:

 

«Биз Португалиянинг футбол фалсафасини ўрганишга ҳаракат қилдик. Улар доимо тўп назорати орқали ўйинни бошқаришни ёқтиради. Шунингдек, учрашувни жуда фаол бошлашга интилишларини ҳам биламиз. Чунки имкони қадар тезроқ ўйинни ўз фойдасига буришни, ҳимояни ёриб ўтишни исташади. Шундан келиб чиқиб биз ҳам бунга тайёргарлик кўрдик, деб ўйлайман. Ўз режамиз ва стратегиямиз бор ва майдонда айнан ўз ўйинимизни намойиш этишга ҳаракат қиламиз», — деди у.

 

Каннаваро жамоаси кучли рақибга қарши майдонга тушаётганини, аммо бундан қўрқмаслигини таъкидлади:

 

«Қўлимиздан келган энг яхши ўйинни кўрсатишга ва учрашув охиригача курашишга ҳаракат қиламиз», — дея қўшимча қилди мураббий.

 

Шунингдек, италиялик мутахассис Роналду ҳақида ҳам тўхталди:

 

«Биз фақат Криштиануга қарши ўйнамаймиз. У футбол тарихидаги энг буюк футболчилардан бири, бироқ Португалия фақат Роналдудан иборат эмас. Уларнинг асосий таркибида ҳам, захирасида ҳам жуда кўп юқори савияли футболчилар бор. Шунга қарамай, жарима майдонида Роналдуни бир лаҳзага ҳам эътиборсиз қолдириб бўлмайди. У исталган пайт гол уриши қодир. Шу боис бутун ўйин давомида максимал даражада диққатли бўлишимиз керак», — деди у.

 

Жамоанинг ҳолати ҳақида ҳам фикр билдирилди:

 

«Жамоага келганимиздан буён асосий эътибор футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилашга қаратилди. Сўнгги ўйин давомида футболчиларнинг ҳолати яхши эканини кўрдим. Жамоа учрашувни юқори темпда якунлади ва барча ўзини яхши ҳис қилди», — деди Каннаваро.

 

Мураббий статистик кўрсаткичлар ҳақида тўхталиб, энг муҳими фақат тезлик ёки югуриш эмас, балки тўп назорати, аниқ узатмалар ва кам хатога йўл қўйиш эканлигини айтди.

 

«Агар тўпни йўқотсангиз, уни қайтариб олиш учун яна кўп югуришга тўғри келади. Биз буни ҳисобга олганмиз. Муҳими кўп югуриш эмас, тўғри югуриш», — деди у.

Дўстларингизга ҳам юборинг: