Испанияда иқлим ўзгариши фонида пляжлар ёпилмоқда
Испанияда иқлим ўзгариши фонида Ўрта ер денгизида тарқалаётган «гўштхўр» Vibrio бактерияси туфайли пляжлар ёпилмоқда — Euronews.
«Гўштхўр» Vibrio бактерияси денгиз ва шўр сувларда яшайди. Унинг баъзи штаммлари гастроэнтеритни, шунингдек, оғир, ҳатто ўлимга олиб келадиган инфекцияларни келтириб чиқариши мумкин. Бактериялар айниқса дарёлар денгизга қуйиладиган зоналарда тез-тез аниқланади.
Euronews маълумотларига кўра, Испанияда Vibrio ва бошқа бактериялар тарқалиши сабабли аллақачон бир нечта пляжлар ёпилган. Испаниянинг расмий соғлиқни сақлаш органлари айнан қайси пляжлар жабрланганини маълум қилмаяпти.
«Бактериялар бу воқеанинг ўзи эмас, улар шунчаки унинг хабарчиларидир. Воқеанинг ўзи — бу жазирама ва ифлосланиш туфайли мувозанатдан чиққан денгиз», — дея таъкидлайди иқлим ҳимояси бўйича эксперт Ҳатим Азнаг.
Унинг сўзларига кўра, сув ҳароратининг кўтарилиши, ифлосланиш ва қирғоқ зоналарида шўрликнинг камайиши патогенларнинг тарқалиши учун идеал шароит яратади.
Кўпчилик одамлар «гўштхўр» бактерия билан хом устрица, мидия ёки бошқа денгиз маҳсулотларини истеъмол қилиш орқали зарарланади. Инфекция, шунинг чўмилиш вақтида ифлосланган сувни ютиб юборганда ёки очиқ яралар ва терининг шикастланган жойлари орқали ҳам организмга тушиши мумкин. Вибриоз одамдан одамга юқмайди, дейилади хабарда.
