Россиянинг бир қатор ҳудудларида бензин савдосига чекловлар жорий этилди
Бир нечта Россия ҳудудлари ҳокимиятлари ёқилғига бўлган юқори талаб ва логистикадаги узилишлар фонида ёқилғи сотиш бўйича вақтинчалик чекловлар киритди.
23 июндан бошлаб чекловлар Воронеж, Омск ва Саратов вилоятларида кучга кирди. Маҳаллий ҳокимиятлар бу чоралар талабнинг кескин ошиши ва эҳтимолий спекуляцияларнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинганини билдирди.
Воронеж вилоятида «Лукойл» тармоғига қарашли ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин ва дизель ёқилғиси сотиш учун лимитлар ўрнатилди. Шаҳар ҳудудида ҳайдовчилар бир мартада 30 литргача бензин ва 60 литргача дизель ёқилғиси қуйдириши мумкин. Автомобиль йўлларида эса бу меъёр мос равишда 60 ва 200 литрни ташкил этади.
Омск вилоятида канистрларга ёқилғи сотиш вақтинча тўхтатилди. Шаҳар ичидаги АЁҚШларда бир автомобил учун 40 литрдан ортиқ бензин ва 80 литрдан ортиқ дизель ёқилғиси берилмайди. Трассаларда дизель ёқилғиси учун лимит 200 литргача оширилган.
Саратов вилоятида 23 июндан 30 июнгача жисмоний шахслар учун бир автомобилга 30 литр бензин сотиш чеклови ўрнатилди. Вилоят губернатори Роман Бусаргиннинг айтишича, қарор бозордаги ҳаддан ташқари талаб ва спекуляцияларнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинган.
Владимир вилояти ҳокимияти ҳам аҳолини шахсий транспортдан камроқ фойдаланишга ва ёқилғини фақат зарур ҳажмда харид қилишга чақирди. Вилоят губернатори Александр Авдеевнинг сўзларига кўра, узилишлар логистика муаммолари ва талабнинг ортиши билан боғлиқ.
Россия томонидан аннексия қилинган Қримда ҳам маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, аҳолига ёқилғи сотиш вақтинча тўхтатилган. Ҳозирча фақат давлат хизматлари ходимларига ёқилғи қуйишга рухсат берилмоқда.
Минтақавий ҳокимиятлар бензин ва дизель ёқилғиси захиралари етарли эканини, жорий этилган чекловлар эса вақтинчалик хусусиятга эга эканини таъкидламоқда.
