Беҳруз Каримов BlueCo эътиборида: ўзбек футболчиси «Челси» эгаларига тавсия қилинди

Беҳруз Каримов BlueCo эътиборида: ўзбек футболчиси «Челси» эгаларига тавсия қилинди

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 18 ёшли ҳимоячиси Беҳруз Каримов Жаҳон чемпионатидаги ўйини билан нафақат мухлислар, балки Европа футболи вакилларининг ҳам эътиборини тортмоқда.

BlueCo корпорацияси (Англиянинг «Челси» ва Франциянинг «Страсбург» клублари эгаси) фаолиятини ёритувчи BlueCo Xtra саҳифаси ўз ижтимоий тармоғида Беҳруз Каримовни клублар раҳбариятига тавсия қилди.

«BlueCo Беҳруз Каримовни «Страсбург» ёки «Челси» учун трансфер қилиши керак. У Ўзбекистоннинг катта истеъдодларидан бири. Ҳимояда жуда фаол ҳаракат қилади ва юқори савиядаги рақибларни қанотда тўхтата олади», – дейилади саҳифада.

Беҳруз Каримов Колумбия ва Португалияга қарши учрашувларда асосий таркибда майдонга тушиб, дунё футболи юлдузлари Луис Диас ва Нуно Мендешга қарши муносиб ҳаракат қилди.

Айниқса, Колумбия билан баҳсда унинг узоқ масофадан йўллаган кучли зарбаси устунга тегиб қайтгани кўпчиликнинг ёдида қолди.

Статистика ҳам ёш ҳимоячининг ўйинини тасдиқлайди:

тўпни рақибдан 15 марта олиб қўйган;
34 марта яккакурашларда иштирок этган;
6 та муваффақиятли дриблинг амалга ошириб, Ўзбекистон терма жамоасида бу кўрсаткич бўйича энг яхши натижани қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, Беҳруз Каримов Тошкентдаги Республика олимпия ва паралимпия захиралари коллежи тарбияланувчиси ҳисобланади. У турли ёшдаги Ўзбекистон терма жамоаларида ўйнаган ва 2025 йилдан буён «Сурхон» клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.

Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионатида қийин ўйинлар ўтказаётган бўлса-да, Беҳруз Каримов каби ёш футболчиларнинг Европа клублари диққатини тортгани ўзбек футболи келажаги учун ижобий сигнал сифатида баҳоланмоқда.

Айни пайтда BlueCo Xtra’нинг бу баёноти расмий трансфер таклифи эмас, балки клубларга қаратилган тавсия ҳисобланади. Аммо бунинг ўзи ҳам Беҳруз Каримовнинг халқаро майдондаги ўйини эътиборсиз қолмаётганини кўрсатади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: