Жанубий Корея Россия ва Хитой самолётлари ҳаво мудофааси зонасига киргани сабабли қирувчи самолётларини ҳавога кўтарди

Жанубий Корея Россия ва Хитой самолётлари ҳаво мудофааси зонасига киргани сабабли қирувчи самолётларини ҳавога кўтарди

Россия ва Хитойнинг 10 дан ортиқ ҳарбий самолёти Корея ҳаво мудофаасини идентификация қилиш зонасига (KADIZ) кириб, сўнгра уни тарк этди.

Бу ҳақда Сеулдаги Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасига (JCS) таяниб AFP агентлиги хабар бермоқда.

Жаҳон авиацияси кузатувчиларининг қайд этишича, Жанубий Корея ҳарбийлари ушбу самолётларни мазкур ҳудудга киришдан аввал аниқлаган ва шундан сўнг кутилмаган вазиятларнинг олдини олиш мақсадида ҳудудга қирувчи самолётларни йўналтирган.

JCS баёнотида Россия ва Хитой самолётлари Корея Республикасининг ҳаво ҳудудини бузиб ўтмагани алоҳида таъкидланган. KADIZ хавфсизликни таъминлаш мақсадида яқинлашаётган ҳаво кемалари аниқланадиган буфер зона ҳисобланади.

Бошқа давлатларнинг ҳарбий самолётлари ушбу ҳудудга киришдан аввал огоҳлантириш бериши кутилади, бироқ AFPнинг қайд этишича, бу халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан мажбурий мажбурият эмас.

Шу куни Россиянинг ТАСС давлат агентлиги Москва нуқтаи назаридан мазкур ҳаво мудофаасини идентификация қилиш зонаси Сеул томонидан бир томонлама тартибда белгиланганини ва бошқа давлатлар учун ҳуқуқий мажбурият яратмаслигини маълум қилди.

Аввалроқ 2025 йилнинг декабр ойида ҳам Россия ва Хитойнинг тўққизта ҳарбий самолёти KADIZ зонасига кирган ва бу ҳолат Жанубий Корея ҳамда Япониянинг кескин норозилигига сабаб бўлган эди. Ўшанда Москва ва Пекин ушбу парвозлар Япон денгизи ҳамда Тинч океанининг ғарбий қисми узра ҳамкорликдаги патрул хизмати доирасида амалга оширилганини билдирганди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: