Россиянинг Суми ва Днепропетровск вилоятларига уюштирган ҳужумлари оқибатида икки киши ҳалок бўлди
Украинанинг Днепропетровск вилоятида Россия томонидан амалга оширилган тунги ҳужум оқибатида 56 ёшли аёл ҳалок бўлди, 13 ёшли қиз ва 44 ёшли аёл тан жароҳати олди.
Бу ҳақда Днепропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Ганжа маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, душман вилоятнинг иккита туманига дронлар ва авиабомбалар ёрдамида 30 дан ортиқ зарба берган.
Суми вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбарининг хабар беришича, 26 июн куни кечқурун Россия қўшинлари Верхнесироватка жамоасидаги турар жой биносига зарба берган. «Ҳужум вақтида хўжалик биносида уй эгаси бўлган. 66 ёшли эркак воқеа жойида ҳалок бўлди», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Россия Қуролли Кучлари Харков яқинидаги ва Запорожье шаҳридаги ёнилғи қуйиш шахобчаларга ҳужум уюштирган. Натижада техникаларга шикаст етган ва ёнғинлар келиб чиққан. Бу ерда ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар йўқ.
