Москва ва Киев ўртасида 160 нафардан ҳарбий асир алмашилди
Россия ва Украина ўртасида навбатдаги ҳарбий асирлар алмашинуви амалга оширилди. Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, томонлар «160 га 160» форматида ҳарбий хизматчиларни ўзаро қайтарган.
Вазирлик хабарига кўра, Россияга қайтарилган ҳарбийлар ҳозирда Беларусь ҳудудида бўлиб, уларга зарур тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилмоқда. Кейинчалик улар даволаниш ва реабилитациядан ўтиш учун Россияга олиб кетилади.
Россия Мудофаа вазирлиги асирлар алмашинувини ташкил этишда гуманитар воситачилик қилган томонларга миннатдорлик билдирди.
Бу Россия ва Украина ўртасидаги сўнгги ойларда амалга оширилган навбатдаги асирлар алмашинуви бўлиб, томонлар аввал ҳам бир неча бор юзлаб ҳарбий хизматчиларни ўзаро қайтарган эди.
