Исроил 2023 йил октябридан бери урушларга қарийб 205 миллиард доллар сарфлади
2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо, Ливан, Сурия ва Эрондаги урушлар Исроил иқтисодиётига умумий ҳисобда қарийб 700 миллиард шекел (тахминан 205 миллиард АҚШ доллари) зарар келтирди. Бу ҳақда Исроилнинг Zman Yisrael нашри хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, жумладан Исроил Марказий банки маълумотларига асосланган ҳисоб-китобларга биноан, давлатнинг тўғридан-тўғри харажатлари аллақачон 118 миллиард доллардан ошган. Шундан:
71,2 миллиард доллар ҳарбий эҳтиёжларга;
9,6 миллиард доллар компенсация тўловларига;
16,7 миллиард доллар фуқаролик харажатларига;
5,5 миллиард доллар эса давлат қарзининг ортиши сабабли унга хизмат кўрсатиш учун қўшимча харажатларга сарфланган.
Тадқиқот муаллифлари АҚШнинг Исроилга кўрсатган ҳарбий ёрдамини — қурол-яроғ, ўқ-дори ва ҳарбий техника етказиб беришни — тахминан 26 миллиард доллар деб баҳолаган.
Давлат бюджети харажатларидан ташқари, мамлакат иқтисодиёти ҳам катта зарар кўрган. Нашр ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йил октябридан 2025 йил охиригача ишлаб чиқариш ҳажмининг камайиши оқибатидаги йўқотишлар 51,9 миллиард долларни ташкил этган. 2026 йилдаги воқеалар ҳам ҳисобга олинганда, бу кўрсаткич 58,6 миллиард доллардан ошиши мумкин.
Давлат харажатлари, АҚШнинг ҳарбий ёрдами ва иқтисодий йўқотишлар жамланганда, урушларнинг умумий қиймати қарийб 205 миллиард долларга етгани айтилмоқда.
Шу билан бирга, ҳисоб-китобларга давлат томонидан қопланмаган фуқароларнинг шахсий зарарлари ҳамда хусусий секторнинг сезиларли қисми кўрган йўқотишлар киритилмаган. Муаллифларнинг таъкидлашича, агар можаролар давом этса, молиявий юк янада ортади.
Тадқиқотга кўра, давлат харажатларининг ошиши аллақачон солиқ юкининг кўпайишига, яшаш харажатларининг қимматлашишига ва айниқса кичик ҳамда ўрта бизнес фаолиятига салбий таъсир кўрсатган.
Нашр ушбу ҳарбий кампанияларни иқтисодий нуқтаи назардан Исроил тарихидаги энг қиммат урушлар даври деб атаб, унинг оқибатлари яна кўп йиллар давомида сезилиб туришини қайд этган.
