Бугун айрим ҳудудларда ёмғир ёғиши кутилмоқда
“Ўзгидромет” маълумотига кўра, бугун кундузи Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг айрим ҳудудларида, шунингдек, куннинг иккинчи ярмида Фарғона водийсида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. Шамол 7–12 м/с тезликда эсади, айрим жойларда 13–18 м/с гача, баъзи ҳолларда 20–22 м/с гача кучайиши ва чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 28–33° бўлади.
Пойтахтда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол 3–8 м/с тезликда эсади, айрим жойларда 10–12 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 29–31° бўлади.
Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, айрим жойларда кучли бўлиши, момақалдироқ кузатилиши мумкин. Сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши эҳтимоли сақланиб қолади. Шамол 7–12 м/с тезликда эсади, момақалдироқ пайтида 13–18 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 20–25° бўлади.
