Эсонбоев: Мундиал катта тажриба бўлди

Эсонбоев: Мундиал катта тажриба бўлди

Ўзбекистон МТЖнинг Жаҳон чемпионатидаги иштироки, натижадан қатъи назар, миллий футболимиз учун катта тажриба ва муҳим сабоқ бўлди.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг собиқ футболчиси ва мураббийи, футболчилик фаолияти давомида «Пахтакор», «Сўғдиёна», «Андижон» ва «МҲСК» жамоалари шарафини ҳимоя қилган Фурқат Эсонбоев @SputnikUzbek мухбирига маълум қилди.

«Бу жамоамизнинг мундиалдаги илк иштироки эди. Футболчиларимиз дунёнинг энг кучли рақибларига қарши майдонга тушди. Таркиб ёш бўлгани учун айрим ўйинларда тажриба етишмаслиги ҳам сезилди», деди у.

Фурқат Эсонбоевнинг таъкидлашича, футболда энг муҳим жиҳатлардан бири — майдондаги вазиятни тез ва тўғри баҳолай олишдир. Ўйинчилар бир-бирини сўзсиз тушуниши, имо-ишоралар орқали ҳам ҳаракатларини мувофиқлаштира олиши лозим. Бу эса тезкорлик, чаққонлик ва юқори даражадаги ўйин тафаккурини талаб қилади.

«Менимча, айрим учрашувларда рақиблардан жисмоний тайёргарлик борасида ортда қолдик. Улар жуда кучли эди. Шунга қарамай, футболчиларимиз охиригача курашди. Айниқса, Файзуллаев ва Шомуродовнинг майдондаги фидойилиги ва жонбозлигини алоҳида таъкидлаш керак», дея қўшимча қилди Эсонбоев.

Дўстларингизга ҳам юборинг: