Аномал иссиқлик АҚШда Мустақиллик куни байрамини барбод қилди

Аномал иссиқлик АҚШда Мустақиллик куни байрамини барбод қилди

Reuters агентлик хабарига кўра, бутун мамлакат бўйлаб парадлар, концертлар ва мушакбозликлар бекор қилинмоқда.

Вашингтонда мамлакатнинг 250 йиллигига бағишланган асосий майдончалардан бири бўлиши керак бўлган National Mall’даги «Great American State Fair» вақтинча ёпилди. У ерда ҳарорат 38 даражагача кўтарилди.

Кейинроқ ташкилотчилар Вашингтонда Мустақиллик куни муносабати билан ўтказиладиган анъанавий парадни ҳам бекор қилишди. Синоптикларнинг прогнозига кўра, иссиқлик индекси 46 даражагача етиши мумкин.

Миллий об-ҳаво хизмати маълумотларига кўра, 185 миллиондан ортиқ одам – АҚШ аҳолисининг ярмидан кўпи – ҳаддан ташқари иссиқ ҳақида огоҳлантирилган. Бир қатор шаҳарларда ҳарорат рекордлари қайд этилди. Ню-Йоркда энергия тизимига юклама туфайли 17 мингга яқин истеъмолчи электр таъминотисиз қолди.

Иссиқлик АҚШнинг шарқий қисмига Ўрта Ғарбдан «иссиқлик гумбази» – минтақа устида қизиган ҳавони ушлаб турувчи юқори босимли ҳудуд туфайли кириб келди. Расмийлар жазираманинг ўлим хавфи ҳақида огоҳлантирди ва аҳолини қуёшда узоқ қолмасликка, кўпроқ сув ичишга ва иссиқлик уриши белгиларини кузатишга чақирди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: