Дунё ва қўшнилар тажрибаси: алифбони технологияга мослаштириш табиий жараён
Алифбо — бу тошга ўйилган ва асрлар давомида ўзгармайдиган қотиб қолган тизим эмас. Дунё тажрибасида технологиялар ривожи ва ижтимоий эҳтиёжларга қараб ёзувларни қулайлаштириб бориш — тирик тиллар учун жуда табиий ҳолат.
Мисолларга қарайлик:
Германия 1996 йилда немис имлосини тўлиқ замонавийлаштирди.
Қозоғистон лотин ёзувидаги дастлабки апострофлардан воз кечиб, рақамли қулайлик учун диакритик белгиларга ўтди.
Озарбайжон, Туркия, Туркманистон каби мамлакатлар ҳам лотин графикасида диакритик белгили яхлит ҳарфлардан фойдаланади. Бу эса уларнинг тилларини рақамли муҳитда аниқ қўллаш имконини беради.
Энг муҳими, таклиф этилаётган ҳарфлар (Ş, Ç, Ğ, Ö) Туркий давлатлар ташкилоти олимлари томонидан ишлаб чиқилган Умумтуркий алифбо лойиҳасига мос келади. Бу бизни қардош тиллар билан яқинлаштириб, халқаро майдонда маданий, илмий ва рақамли ҳамкорликни ўн чанд баробар осонлаштиради.
Ёзувимизни техник жиҳатдан мукаммал қилиш орқали биз ўзбек тилининг нафақат глобал рақамли макондаги, балки халқаро майдондаги нуфузи ва рақобатбардошлигини таъминлаймиз.
