Meta компанияси СИ ёрдамида тасвирлар яратиш учун Instagram’даги очиқ аккаунтлар фотосуратларидан фойдаланишга рухсат берди
Гап компаниянинг тасвирларни яратиш ва таҳрирлашга мўлжалланган янги сервиси — «Muse Image» ҳақида бормоқда. Ушбу сервис 7 июл куни тақдим этилди. Генератор сунъий интеллект ёрдамида матнли тавсиф асосида суратлар яратади ва тайёр фотоларни таҳрирлайди.
«Wired» ва «Gizmodo» нашрларининг қайд этишича, ушбу сервис тасвир яратишда Instagram’даги бошқа фойдаланувчиларнинг очиқ профилларидаги суратларидан ҳам фойдаланиши мумкин.
Бунинг учун сўров юборилаётганда ўша инсонни белгилаш кифоя ва Meta AI генерация жараёнида унинг профилидаги фотосуратларни, жумладан, юзи акс этган тасвирларни ишлатади. Бунда асл суратлар муаллифига бундай генерациялар ҳақида ҳеч қандай билдиришнома бормайди.
Масалан, «Gizmodo» муаллифи ҳеч кимдан сўрамай, ўз дўстлари ва ҳатто Meta раҳбари Марк Цукерберг иштирокида СИ-тасвирларни яратишга муваффақ бўлди.
Ўз суратларингиздан фойдаланишни тақиқлаб қўйиш имконияти мавжуд, буни профил созламалари орқали амалга ошириш мумкин.
Meta компаниясининг ўзи эса «Muse Image» сервисига компания қоидаларини бузувчи тасвирларни яратишни тақиқловчи «ҳимоя механизмлари ўрнатилганини» маълум қилди.
