БМТ Ўзбекистонни сув соҳасидаги энг илғор уч давлат қаторига киритди
Нью-Йоркда ўтаётган БМТнинг Олий даражадаги сиёсий форумида Ўзбекистоннинг сув соҳасидаги ислоҳотлари юқори баҳоланди. UN-Water платформаси 2026 йилда «Тоза сув ва санитария» йўналишида энг катта натижага эришган учта давлатдан бири сифатида Ўзбекистонни эътироф этди.
Хусусан, Ўзбекистонда сув стресс кўрсаткичи 2017 йилдаги 169 фоиздан 2022 йилда 122 фоизгача пасайиб, 47 пунктга камайди.
БМТ Тараққиёт дастури Ўзбекистоннинг сув хўжалигидаги қисқа муддатли натижалари ва инновацияларини юқори баҳолаб, ҳамкорликни кенгайтиришини билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистон ташаббуси билан Самарқандда ўтказиладиган сув тежаш бўйича Бутунжаҳон форумига БМТ мақомини бериш ва уни глобал платформага айлантириш таклифи БМТ томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.
