ХОҚ Россия Олимпия қўмитасига нисбатан санкцияларни юмшатди
Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Ижроия қўмитаси Россия Олимпия қўмитаси аъзолигини тўхтатиб туриш қарорини вақтинча бекор қилди. Шу билан бирга, россиялик спортчилар халқаро мусобақаларга қайтиши учун кучайтирилган антидопинг талабларини бажариши лозим бўлади.
ХОҚ маълум қилишича, аввал Россия спортчиларининг халқаро мусобақаларда иштирокини чеклаш бўйича берилган тавсиялар энди амал қилмайди.
Қўмитага кўра, мазкур қарор Россия Олимпия қўмитаси ХОҚ Украина Миллий олимпия қўмитаси юрисдикциясига киритадиган ҳудудлардаги минтақавий спорт ташкилотларини ўз таркибидан чиқарганидан кейин қабул қилинган. Шунингдек, Россия томони бу ҳудудларда фаолият юритмаётганини ва келгусида ҳам бундай фаолият олиб бормаслигини тасдиқлаган.
Шу билан бирга, ХОҚ россиялик спортчиларнинг халқаро мусобақаларга қайтиши учун бир қатор шартларни сақлаб қолди. Улар кучайтирилган антидопинг талабларига риоя қилиши, Халқаро тест агентлиги тест дастурига киритилиши ва мусобақаларга қўйилишидан олдин бир неча марта текширувдан ўтиши керак. Тестларнинг муддати ва тартиби халқаро спорт федерациялари томонидан белгиланади.
ХОҚ, шунингдек, Россия ҳудудида мусобақалар ўтказиш, Россия давлат вакилларини таклиф этиш, давлат байроғи, мадҳияси ва бошқа давлат рамзларидан фойдаланиш масалалари халқаро спорт федерациялари ҳамда турнир ташкилотчилари ваколатида қолишини таъкидлади.
Қўмита ўз тадбирларини Россияда ўтказмаслиги ва уларга Россия давлат органлари вакилларини таклиф қилмаслигини ҳам маълум қилди.
