Каннаваро Ўзбекистон терма жамоасини тарк этиши мумкин

Каннаваро Ўзбекистон терма жамоасини тарк этиши мумкин

Жаҳон чемпиони ва «Олтин тўп» соҳиби Фабио Каннаваро яқин орада Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи лавозимидан кетиши кутилмоқда.

Журналист Александр Троицкийнинг маълумотларига кўра, олдиндаги Осиё Кубогида терма жамоани бошқа мутахассис бошқариши эҳтимоли юқори.

Бундай қарорга келинишига Ўзбекистон терма жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсиз иштироки сабаб бўлгани айтилмоқда. АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида ўтган мундиалда вакилларимиз гуруҳ босқичидан ўта олишмади ва барча учта учрашувда имкониятни бой беришди. Жамоа Колумбия (1:3), Португалия (0:5) ва Конго Демократик Республикасига (1:3) мағлуб бўлиб, ўз гуруҳида бирорта ҳам очко жамғара олмади.

Каннаваро Ўзбекистон терма жамоасини 2025 йилнинг 6 октябрь куни қабул қилиб олган ва бу лавозимда Тимур Кападзенинг ўрнини эгаллаган эди. Италиялик мутахассис билан «2+3» тизими бўйича шартнома имзоланган. Яъни, дастлабки икки йиллик битимга қўшимча равишда келишувни яна уч йилга узайтириш имконияти кўзда тутилган.

Маълумотларга кўра, Каннаваронинг йиллик маоши 4 миллион еврони ташкил қилади. Бу эса уни дунёдаги энг кўп ҳақ тўланадиган миллий терма жамоа мураббийлари қаторига қўшади.

Бироқ, бунга қадар Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бу маблағнинг катта қисми турли бонус тўловларидан иборат эканлигини, асосий кафолатланган маош эса пастроқ эканлигини маълум қилган эди.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон футбол ассоциацияси Каннаваронинг келажаги борасида ҳеч қандай расмий баёнот бергани йўқ.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: