Туркманистон гази Ўзбекистонга янги йўналишдан келиши мумкин

Туркманистон гази Ўзбекистонга янги йўналишдан келиши мумкин

“Марказий Осиё газ ҳалқаси” лойиҳаси Туркманистондан Ўзбекистонга табиий газ етказиб беришнинг қўшимча йўналишини яратиши мумкин. Бу ҳақда Женевадаги Глобал газ маркази (GGC) ижрочи директори Валери Дюкро Ашхободдаги “Туркманистон нефть ва гази — 2026” халқаро конференциясида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, янги йўналиш Ўзбекистон ва Қозоғистонга, газ қувурлари ўзаро уланган тақдирда эса Қирғизистон ва Тожикистонга ҳам газ етказиб бериш имкониятини кенгайтиради. Бунда Туркманистоннинг амалдаги экспорт мажбуриятлари сақланиб қолади.

Туркманистон ҳозир ҳам Ўзбекистонга газ етказиб беради. Жумладан, 2023 йилда “Туркмангаз” ва UzGasTrade йилига 2 миллиард куб метргача газ етказиб бериш бўйича қисқа муддатли шартнома имзолаган.

2026 йилнинг январь–август ойларида Ўзбекистон Россия ва Туркманистондан жами 1,21 миллиард долларлик газ импорт қилган. Статистикада ҳар бир мамлакатнинг алоҳида улуши келтирилмаган.

Euronews маълумотига кўра, “газ ҳалқаси” 3 минг километрдан ортиқ янги ва модернизация қилинадиган қувурларни қамраб олиши мумкин. Ташаббус муаллифлари лойиҳа қийматини тахминан 5 миллиард доллар, йиллик ўтказиш қувватини эса 20 миллиард куб метр деб баҳоламоқда.

Мазкур тармоқ мавжуд газ қувурларини боғлаш ва газ оқимларини турли йўналишларда бошқариш орқали, айниқса қишда, таъминот барқарорлигини оширишга қаратилган.

Дюкро газ тармоқларини ўзаро боғлаш, инвестиция жалб қилиш ва экспорт йўналишларини кўпайтиришни асосий вазифалар сифатида санади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: