Торонтодаги кўча фестивалида юз берган отишма натижасида икки киши ҳалок бўлди, уч киши яраланди
Канаданинг Торонто шаҳрида бўлиб ўтаётган кўча фестивалида отишма содир бўлди, натижада икки киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда CNN тезкор хизматлар ва шаҳар расмийларига таяниб.
Полиция маълумотларига кўра, яна уч киши тан жароҳати олган. Reuters агентлигининг маълум қилишича, полиция жабрланганларнинг аҳволи ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот бермаган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеа тафсилотларини ҳозирча расман ошкор қилмаяпти.
Норасмий хабарларга кўра, икки шахс бир-бирини нишонга олиб, ўқ узган. Отишмада қатнашган шахслар қидирилмоқда. Воқеа жойида икки дона ўқотар қурол топилган.
Маълумот учун, отишма «Salsa on St. Clair» фестивали вақтида содир бўлган, бу Канададаги энг йирик лотин америка кўча фестивали бўлиб, у Торонто марказида ўтказилади.
Фестивал сайтида хабар берилишича, тадбир 22 йилдан буён ўтказиб келинади ва унга 900 мингдан ортиқ одам ташриф буюради.
