ЕИ давлатларининг аксарияти Исроил манзилгоҳлари билан савдога чекловлар жорий этишни қўллаб-қувватлади

ЕИ давлатларининг аксарияти Исроил манзилгоҳлари билан савдога чекловлар жорий этишни қўллаб-қувватлади

Европа Иттифоқида босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги Исроил манзилгоҳлари билан савдони чеклаш ташаббуси муҳокама қилинмоқда.

Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг аксарияти босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги Исроил манзилгоҳлари билан савдога нисбатан чеклов чораларини қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳақда душанба куни Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Кая Каллас маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ЕИ ташқи ишлар вазирлари ушбу масала юзасидан ишни давом эттиришни элчиларга топширган. Шунингдек, бу масала бўйича навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Каллас таъкидлашича, муҳокама қилинаётган чоралар Исроилга қарши эмас, балки Брюссел фикрича, икки давлат тамойили асосидаги ечим истиқболларига путур етказаётган манзилгоҳларга қарши қаратилган.

Европа комиссияси бир нечта чеклов вариантларини таклиф этган. Улар қаторига манзилгоҳларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар импортини тўлиқ ёки қисман тақиқлаш, экспорт назоратини кучайтириш ҳамда божлар жорий этиш имконияти киради.

Европа дипломатияси раҳбари таъкидлашича, Европа Иттифоқининг барча 27 аъзо давлати халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан Исроил манзилгоҳларини ноқонуний деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, унинг қайд этишича, манзилгоҳларда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни алоҳида белгилаш амалиёти савдо ҳажмини сезиларли даражада қисқартиришга эриша олмаган.

Кая Калласнинг қўшимча қилишича, ҳуқуқий хулосалардан бирига кўра, бундай чеклов чоралари Европа Иттифоқида квалификацияланган кўпчилик овози билан қабул қилиниши мумкин.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: