Ўзбекистонда «Барселона» клубининг расмий академияси очилиши мумкин
Ўзбекистонда «Barça Academy» футбол академиясини ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Спорт вазири Адҳам Икромов ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов «FC Barcelona» клуби вакиллари билан онлайн учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда болалар футболи ривожини таъминлаш, замонавий методологияни жорий этиш ва иқтидорли ёш футболчиларни саралаш мақсадида ушбу халқаро академияни очиш масаласи муҳокама қилинди.
Якунда томонлар лойиҳани Ўзбекистонда амалга ошириш имкониятларини биргаликда ўрганиш ва ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олдилар.
