Beeline Uzbekistan Perfectum мобил операторини сотиб олмоқда

Beeline Uzbekistan Perfectum мобил операторини сотиб олмоқда

Ўзбекистон телекоммуникация бозорида йирик харид амалга оширилиши кутилмоқда. Beeline Uzbekistan’нинг бош компанияси VEON мамлакатимизда Perfectum бренди билан фаолият юритаётган Rubicon Wireless операторини сотиб олиш бўйича келишувга эришди.

19 октябрь куни эълон қилинган маълумотга кўра, халқаро компания Perfectum’нинг барча акцияларини қўлга киритади. Битим қиймати қарийб 207 миллион долларга баҳоланган бўлиб, унга операторнинг 93 миллион доллар атрофидаги молиявий қарзлари ҳам киритилган.

Харид натижасида Perfectum’га тегишли алоқа частоталари, техник ускуналар ва телекоммуникация инфратузилмаси VEON ихтиёрига ўтади. Улар қаторида Nokia технологиялари асосида ташкил этилган мустақил 5G тармоғи ҳам мавжуд.

Компания прогнозларига кўра, мазкур келишув Beeline Uzbekistan фойдаланадиган частоталар ҳажмини қарийб 50 фоизга оширади. Бу эса мобил интернет тезлигини яхшилаш, алоқа қамровини кенгайтириш ва янги авлод 5G хизматларини жорий этиш учун қўшимча имкониятлар яратади.

VEON Group бош директори Каан Терзиўғлу Ўзбекистон компания учун стратегик аҳамиятга эга бозорлардан бири эканини таъкидлади. Унинг билдиришича, тармоқ имкониятларини бирлаштириш рақамли хизматлар сифатини ошириш ва инфратузилмага йўналтириладиган сармоялардан самарали фойдаланишга хизмат қилади.

Beeline Uzbekistan раҳбари Евгений Настрадин эса янги частоталар ва техник имкониятлар аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун юқори тезликдаги симсиз интернет хизматларини ривожлантиришга ёрдам беришини қайд этди.

Маълум қилинишича, VEON харидни ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштиради. Зарур рухсатномалар олинган бўлиб, битимни 2026 йил октябрь ойи якунига қадар расмийлаштириш режалаштирилган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: