The Telegraph Аргентинанинг Англияга қарши ўйинидаги «31 та ифлос ҳийласи» ҳақида мақола эълон қилди
The Telegraph нашри 2026 йилги жаҳон чемпионати ярим финалида Аргентина ва Англия ўртасида бўлиб ўтган учрашув (2:1) таҳлилига бағишланган мақолани эълон қилди. Унда аргентиналик футболчилар томонидан қўлланган, муаллифлар «31 та ифлос ҳийла» деб баҳолаган ҳолатлар санаб ўтилган.
Мақолага кўра, учрашувнинг дастлабки 11 дақиқасида Аргентина футболчилари беш марта қўпол ҳаракат қилган. Биринчи бўлимнинг қолган қисми ва қўшимча вақт давомида эса нашр муаллифлари яна 13 та шундай ҳолатни қайд этган.
Шунингдек, танаффус пайтида Аргентина терма жамоаси сардори Лионель Мессининг учрашув бош ҳаками Исмоил Элфат билан бўлган суҳбати ҳам алоҳида тилга олинган.
Иккинчи бўлимда, қўшимча вақтни ҳам ҳисобга олганда, аргентиналиклар томонидан тўққизта қўпол ҳаракат қайд этилгани таъкидланган. Бундан ташқари, финал ҳуштагидан кейин футболчилар ўртасида юз берган тўқнашув ва Аргентина мухлисларининг провокацион сиёсий баннери билан ғалабани нишонлагани ҳам мақолада алоҳида қайд этилган.
Нашр таҳлилига кўра, Аргентина таркибида энг кўп қўпол ҳаракатлар муаллифи сифатида ҳужумчи Джулиано Симеоне тилга олинган — у олти марта қайд этилган. Шунингдек, ярим ҳимоячи Леандро Паредес тўрт марта, Алексис Мак Аллистер ва Энсо Фернандес эса уч мартадан қоидабузарлик ёки қўпол ҳаракатлар билан боғлиқ эпизодларда қайд этилган.
