Озарбайжон Фаластиннинг мустақил давлат сифатида тузилишини қўллаб-қувватлади

Озарбайжон Фаластиннинг мустақил давлат сифатида тузилишини қўллаб-қувватлади

Илҳом Алиев Бокуда Фаластин бош вазири билан учрашувда савдо, таълим ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Фаластин бош вазири Муҳаммад Мустафо билан Бокуда бўлиб ўтган учрашувда Фаластиннинг мустақил ва суверен давлат сифатида ташкил этилишини қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.

«Мамлакатимиз пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил ва суверен Фаластин давлатини барпо этишни қўллаб-қувватлайди», — деди Илҳом Алиев. Бу ҳақда Озарбайжон президенти матбуот хизмати маълум қилди.

Муҳаммад Мустафо эса Фаластин ҳозирда «мураккаб вазият»да эканини таъкидлаб, уни дўст мамлакатлар кўмаги билан енгиб ўтишга умид билдирди.

У Озарбайжоннинг Фаластинга кўрсатаётган ёрдами, жумладан гуманитар лойиҳа сифатида Фаластинда ўрта мактаб қуриш режаси учун миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, Боку Фаластиннинг Озарбайжондаги элчихонаси фаолияти билан боғлиқ барча харажатларни қоплашда давом этади ва аввалроқ Рамаллада очилган ваколатхона фаолиятини ҳам ривожлантиради.

Озарбайжон Фаластинни қўллаб-қувватлаш бўйича узоқ йиллик тажрибага эга. Аввалроқ Боку Фаластинга 5 миллион доллар молиявий ёрдам ажратган, БМТнинг Фаластинлик қочқинлар агентлиги (БАПОР) орқали мунтазам гуманитар маблағлар йўналтириб келмоқда ҳамда фаластинлик талабаларни грант дастурлари асосида ўқитишни йўлга қўйган.

Учрашувда томонлар Фаластиндан Озарбайжонга айрим турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини имтиёзли шартларда экспорт қилиш имкониятларини ҳам муҳокама қилиб, ўзаро манфаатли бошқа масалалар юзасидан фикр алмашди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: