АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасидаги келишув қиролликнинг ядровий қурол яратишига йўл очиши мумкин — CNN
Телеканал манбаларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Саудия Арабистонига уранни халқаро назоратнинг кучайтирилган механизмларисиз бойитишга рухсат беришга дастлабки розилик билдирган.
Манбаларнинг маълум қилишича, томонлар ўртасидаги ҳужжат “123-келишув” деб номланади. У тинч мақсадлардаги атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик қилиш учун ҳуқуқий асос яратади ва АҚШ компанияларига Саудия Арабистонининг фуқаролик ядровий дастурига технологиялар ҳамда материаллар етказиб бериш имконини беради.
Бироқ CNN’нинг қайд этишича, мазкур келишув ҳали АҚШ қонунчилигида белгиланган тартибда Конгресс кўриб чиқишига тақдим этилмаган.
Телеканал танишган ҳужжатларга кўра, келишув лойиҳаси Саудия Арабистонини Халқаро атом энергияси агентлигининг кучайтирилган хавфсизлик кафолатларини қабул қилишга мажбурламайди.
Уранни бойитиш ядровий қурол яратишнинг асосий босқичларидан бири ҳисобланади. Аксарият давлатлар атом электр станциялари учун зарур уранни АҚШ ёки Россиядан халқаро назорат остида харид қилади.
Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон 2023 йилда Fox News телеканалига берган интервюсида, агар Эрон ядровий қурол яратса, қироллик ҳам хавфсизлик нуқтайи назаридан шундай йўл тутишга мажбур бўлишини айтган эди.
