Литвадаги Бундесвер бригадасида шахсий таркибни бутлаш учун кўнгиллилар етишмаслиги мумкин
Welt am Sonntag нашри ихтиёрига келиб тушган ички ҳужжатларга кўра, Бундесвернинг Литвадаги бригадасига ҳарбий хизматчиларни танлаб олиш режалаштирилганидан секинроқ давом этмоқда. Ички баҳолаш тизимида ўнта бўлинмадан тўрттаси «етарли даражада бутланмаган», яна учтаси эса «мақбул даража чегарасида» деб белгиланган.
Июн ойи ҳолатига кўра, айрим бўлинмаларнинг сони режалаштирилган кўрсаткичнинг 30 фоизидан, бошқалариники эса 50 фоизидан камроқни ташкил этган. Айниқса, бригада алоқа мутахассислари билан 40 фоиздан бироз камроқ таъминлангани вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Бу бўлинмалар тўлиқ кўнгиллилар ҳисобига бутланади, деган дастлабки кутишларни оқламаяпти.
Шунга қарамай, Германия Мудофаа вазирлиги нашрнинг сўровига жавобан «бригадани шакллантириш режа бўйича кетмоқда» деб баёнот берди ва яқинда салоҳиятли номзодлар учун ахборот варақалари чоп этилгани ҳамда «ишонч телефони» ишга туширилганини таъкидлади.
Агар кўнгиллилар етарли бўлмаса, Германия бригадани тўлиқ кўнгиллилар асосида шакллантириш тамойилидан воз кечиши мумкин. Мудофаа вазири Борис Писториус аввалроқ тахминан 4800 нафар ҳарбий хизматчининг бир қисми мажбурий тартибда чақирилиши мумкинлигини истисно этмаганди. Янги ҳужжатларга кўра, июн ойи ўрталарида Литвада доимий жойлаштириш учун қарийб 2000 нафар ҳарбий хизматчи етишмаётган эди.
