Заправкаларда маиший газ баллонларини тўлдирганлик учун жарима жорий этилди
Ўзбекистонда суюлтирилган углеводород газини истеъмолчиларга автомобилларга газ қуйиш шохобчалари томонидан маиший газ баллонларида бериш тақиқланди.
Ҳукумат томонидан 2 ноябрда имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тегишли модда билан тўлдирилди. Унга кўра, суюлтирилган углеводород газини чакана реализация қилиш тартибини бузиш деб номланган 101-1-моддага кўра, суюлтирилган углеводород газини истеъмолчиларга автомобилларга газ қуйиш шохобчалари томонидан маиший газ баллонларида бериш БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (1 млн 320 минг сўмдан 2,2 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу кодекс 211-1 ва 211-2-моддалар билан ҳам тўлдирилди. Унга кўра, бозорлар, савдо комплекслари ва савдо-кўнгилочар марказлари мулкдорларининг учинчи шахслар ҳаёти ва (ёки) соғлиғига ёнғин юзага келиши натижасида зарар етказганлик учун ўзининг фуқаролик жавобгарлигини, шунингдек ушбу объектларни ёнғиндан мажбурий суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бажармаслиги мансабдор шахсларга БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача (22 млн сўмдан 33 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, ёнғин аудитини ўтказишга оид қонунчиликда белгиланган талаблар ва шартларни бузиш фуқароларга БҲМнинг 15 баравари (6,6 млн сўм), мансабдор шахсларга эса 30 баравари (13,2 млн сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.
