Германияда энергетика инқирози давом этмоқда

Германияда энергетика инқирози давом этмоқда

Россия гази йўқлиги сабаб Германияда энергетика инқирози давом этмоқда. Бу ҳақда Германия канцлери Фридрих Мерц ZDF телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

“Биз Хитой Халқ Республикаси томонидан мутлақо бошқа чақириққа дуч келмоқдамиз. Россия гази йўқлиги туфайли энергетика инқирози давом этмоқда”, — деди у.

Мерц бу фикрни сайловчиларга берган баланд ваъдаларини хато деб ҳисоблайдими, деган саволга жавобан билдирди. Унинг сўзларига кўра, канцлерлик фаолияти бошида ҳукумат бошқа шарт-шароитлардан келиб чиққан, бироқ халқаро муаммоларнинг чўзилиши вазиятни ўзгартирган.

Канцлер Хитой томонидан рақобат кучайганини ҳамда Дональд Трамп президентлиги даврида АҚШ билан муносабатлар мураккаблашганини таъкидлади. Унинг айтишича, Вашингтон НАТОни аввалги ўнлаб йиллардаги каби қўллаб-қувватламаяпти.

Германия иқтисодиёти узоқ йиллар давомида Россиядан қувур орқали етказиб берилган нисбатан арзон газга таянган. У газ нафақат уйларни иситишда, балки саноат корхоналари ва электр станцияларида ҳам ишлатилган.

Россия гази етказиб бериш ҳажмининг қисқариши Европа бозорида газ нархининг кескин ошишига олиб келди.

Халқаро энергетика агентлиги Германияда юқори электр энергияси нархлари иқтисодиётнинг рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатаётганини қайд этган. Агентликка кўра, саноат, айниқса, табиий газ нархининг юқорилиги билан боғлиқ босимни ҳис қилмоқда.

Германия Федерал статистика идораси маълумотларига кўра, энергияни кўп талаб қиладиган саноат тармоқларида ишлаб чиқариш 2025 йилда 2021 йилга нисбатан 17,8 фоиз кам бўлган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: