Жазирамада эҳтиёт бўлинг: иссиқ ва қуёш уришидан қандай ҳимояланиш мумкин?

Жазирамада эҳтиёт бўлинг: иссиқ ва қуёш уришидан қандай ҳимояланиш мумкин?

 

Ёз ойларида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Жазирамада узоқ вақт қолиш оқибатида иссиқ ёки қуёш уриши кузатилиб, оғир ҳолатларда ҳаёт учун хавфли асоратларга олиб келиши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун бу ҳолатларнинг белгилари ва улардан сақланиш усулларини билиш муҳим.

Иссиқ уриши организмнинг ҳаддан ташқари қизиб кетиши натижасида юзага келади. Бу нафақат очиқ ҳавода, балки дим ва шамоллатилмайдиган хоналарда ёки кондиционерсиз автомобилда узоқ вақт қолганда ҳам содир бўлиши мумкин.

Қуёш уриши эса иссиқ уришининг бир тури бўлиб, бошнинг узоқ вақт тўғридан-тўғри қуёш нурлари таъсирида қолиши оқибатида ривожланади.

Мутахассислар таъкидлашича, бу ҳолат уч даражада кечади. Энг оғир — учинчи даражасида жабрланувчида алаҳсираш, галлюцинациялар, тутқаноқ, ҳушдан кетиш кузатилади. Агар ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаса, аҳвол ўлимгача олиб бориши мумкин.

Иссиқ уришининг асосий белгилари:

тана ҳароратининг кўтарилиши;

мушакларда оғриқ;

бурундан қон кетиши;

кўнгил айниши ва қайт қилиш;

ҳансираш;

кўз қорачиқларининг кенгайиши;

онгнинг бузилиши;

ҳушдан кетиш.

Қуёш уришининг белгилари:

кучли бош оғриғи;

бош айланиши;

кўнгил айниши;

ҳушдан кетиш.

Қуёш уришидан қандай сақланиш мумкин?

Пахта, зиғир ёки ипак каби табиий матолардан тикилган оч рангли, енгил кийимлар ва бош кийим кийинг.

Юз ва бошингизни вақти-вақти билан совуқ сувда ювинг, имкони бўлса соябондан фойдаланинг.

Кун давомида етарли миқдорда тоза сув ичинг, спиртли ичимликлардан воз кечинг, чунки улар организмни сувсизлантиради.

Қуёш нурлари энг кучли бўладиган 11:00 дан 16:00 гача бўлган вақтда очиқ ҳавода узоқ қолмасликка ҳаракат қилинг. Зарур ҳолларда сояли жойлардан юринг.

Иссиқнинг энг юқори пайтида жамоат транспортида узоқ вақт қолишдан имкон қадар сақланинг.

Оддий эҳтиёт чораларига амал қилиш ёзги жазирамада иссиқ ва қуёш уриши хавфини сезиларли даражада камайтиради.

Дўстларингизга ҳам юборинг: