Ҳиндистон таълим вазири оммавий норозиликлар ортидан истеъфога чиқди

Ҳиндистон таълим вазири оммавий норозиликлар ортидан истеъфога чиқди

Ҳиндистон таълим вазири Дхармендра Прадхан мамлакат бўйлаб бир неча кун давом этган кенг кўламли норозилик намойишлари ортидан истеъфога чиқди.

Истеъфосини эълон қилар экан, вазир мамлакат ёшларининг интилишлари ва орзу-умидларини ҳурмат қилишини билдириб, уларнинг келажагини таъминлаш сиёсий ва жамоат ҳаётининг муҳим вазифаси эканини таъкидлади.

Дхармендра Прадхан сўнгги 12 йил давомида Ҳиндистон халқ партияси (BJP) ҳукумати ва бош вазир Нарендра Моди даврида жамоатчилик босими таъсирида лавозимини тарк этган биринчи вазирга айланди.

Норозилик акцияларини ташкил этган норасмий «Халқ тараканлар партияси» ҳаракати ҳукумат уларнинг барча асосий талабларини қабул қилганини маълум қилди. Улар таълим вазирининг истеъфоси, NEET имтиҳони материаллари тарқалиши ортидан ўз жонига қасд қилгани айтилган ёшлар оилаларига компенсация тўлаш ҳамда намойишчиларни таъқиб қилмасликни талаб қилган эди.

Шундан сўнг ҳаракат намойишчиларни бир неча ҳафта давом этган акцияларни якунлашга чақирди. BBC мухбирларининг хабар беришича, Нью-Деҳлида йиғилган намойишчилар ҳозирда бу қарорни ғалаба сифатида нишонламоқда.

Оммавий норозиликларга Ҳиндистонда тиббиёт олийгоҳларига қабул қилиш учун ўтказиладиган NEET давлат имтиҳони саволлари тарқалиб кетгани ва шундан кейин тест натижалари бекор қилингани сабаб бўлган. Шу воқеалар фонида мамлакатда Telegram мессенжери ҳам вақтинча чекланган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: