Август Ўзбекистонда аввал 43° гача иссиқ бўлади, ой охирида эса салқин ҳаво кириб келади
«Ўзгидромет» август ойи учун об-ҳаво прогнозини эълон қилди. Унга кўра, ойнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳудудида жуда иссиқ об-ҳаво сақланиб, айрим жойларда ҳаво ҳарорати 38–43 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
Прогнозга кўра, августнинг иккинчи ярмидан бошлаб ҳарорат аста-секин пасайиб, 33–38 даража атрофида бўлади.
Ой охирига келиб эса республика ҳудудига салқин ҳаво оқими кириб келиши натижасида кундузги ҳарорат 25–30 даражагача тушиши мумкин.
Шунингдек, август ойида ёғингарчилик миқдори иқлимий меъёрдан кўпроқ бўлиши кутилмоқда. Ёмғирлар асосан ойнинг иккинчи ярмида кузатилади.
Мутахассислар ойнинг дастлабки икки ҳафтасида аҳолига иссиқдан эҳтиёт бўлиш, имкони борича соя жойларда юриш ва кўпроқ сув истеъмол қилишни тавсия этмоқда.
Августнинг сўнгги кунлари эса июль ойида тасаввур қилиш қийин бўлган даражада салқин ва қулай об-ҳаво олиб келиши кутилмоқда.
