Суюлтирилган газ етказиб бериш хусусий секторга ўтказилади
Ўзбекистонда аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнига хусусий сектор жалб этилади. Бу ташаббус дастлаб Андижон вилоятидан бошланиши белгиланди.
Президент иштирокида куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда ушбу таклиф маъқулланди. Ҳозирги кунда мамлакат бўйлаб 3 миллион 700 минг хонадон суюлтирилган газдан фойдаланмоқда.
Шунингдек, табиий газ етиб бориши қийин бўлган 1 916 та маҳалладаги иситиш тизимини электр энергиясига ўтказиш режалаштирилган. Масъулларга уч ой муддатда бунинг учун зарур инфратузилма ва қўшимча электр энергияси талабини ҳисоб-китоб қилиш топширилди.
