Медведев мобилизация ҳақидаги миш-мишларни «ёлғон провокация» деб атади

Медведев мобилизация ҳақидаги миш-мишларни «ёлғон провокация» деб атади

Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев мамлакат ҳокимияти янги мобилизация ўтказишни режалаштирмаётганини билдирди.

Бу ҳақда Медведев Хавфсизлик кенгашининг Қуролли кучларни шартнома асосида хизмат қилувчи ҳарбийлар билан таъминлаш бўйича идоралараро комиссияси йиғилишида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, янги мобилизация тайёрланаётгани ҳақидаги хабарлар Россияда сайловлар арафасида вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган тарғиботнинг бир қисми ҳисобланади.

«Душманнинг мамлакатда мобилизация тайёрланаётгани ҳақида турли миш-мишларни тарқатишга бўлган уринишлари ёлғон провокациядан бошқа нарса эмас. Бу сайловлар олдидан олиб борилаётган тарғиботнинг бир қисми», — деди Медведев.

Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари армиянинг шахсий таркибга бўлган эҳтиёжи шартнома асосидаги ҳарбий хизмат ҳисобига таъминланаётганини таъкидлади.

Унинг маълум қилишича, 2026 йилнинг дастлабки олти ойида тахминан 200 минг нафар фуқаро Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган. Яна 16 минг нафар киши кўнгилли тузилмалар сафига қўшилган, шунингдек, 40 минг нафарга яқин ҳарбий учувчисиз тизимлар қўшинларига қабул қилинган.

Медведевнинг таъкидлашича, июль ойида ҳам Қуролли кучларни шахсий таркиб билан таъминлаш суръати сақланиб қолган ва армиянинг кадрларга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилган.

Мумкин бўлган мобилизация ҳақида тарқалаётган хабарларга изоҳ берар экан, у бундай маълумотлар Украинада инсон ресурслари етишмаслиги билан боғлиқ эканини айтди ҳамда ҳудудий ва федерал идораларни аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтиришга чақирди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: