Дунай дарёси сув сатҳи рекорд даражада пасайиши сабабли Венгрия сўнгги 44 йил ичида илк бор мамлакатдаги ягона АЭСни ўчиради
«Пакш» АЭС Венгрияда электр энергияси ишлаб чиқаришнинг деярли ярмини таъминлайди ва станция реакторларини совитиш учун Дунай сувидан фойдаланади. Юзага келиши мумкин бўлган энергетик инқироз фонида мамлакат расмийлари аҳоли ва бизнесни электр энергияси истеъмолини камайтиришга чақирди.
Аввалроқ, Венгрия Бош вазири Петер Мадяр ҳукумат мамлакатдаги саноат корхоналарида истеъмолни навбат билан чеклашни назарда тутувчи фавқулодда режа ишлаб чиққанини маълум қилган эди. У, шунингдек, Венгриянинг бошқа электр станциялари вақтинчалик электр энергияси ишлаб чиқаришни оширишини ваъда қилди.
2026 йилда Марказий Европадаги аномал иссиқлик ва қурғоқчилик сабабли Дунай критик даражада саёзлашиб кетди. Айрим ҳудудларда сув сатҳи тарихий минимумларни янгилади, бу эса кемалар қатновининг тўхташига ва энергетика соҳасида муаммоларга олиб келди.
Хусусан, июл ойи охирида Руминияда «Чернаводэ» АЭСнинг биринчи блоки тўхтатилди ва миллий энергия тизимидан узилди. Сербия гидрометеорологлари ҳам Дунайдаги сув сатҳи юз йиллик антирекордни янгилаши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Мамлакат расмийлари Воеводина мухтор ўлкасининг шимолий қисмини сув билан таъминлайдиган насос станцияси фаолиятини тўхтатиб қўйган.
