Кучли тайфун сабаб Toyota Япониядаги 9 та заводида ишлаб чиқаришни тўхтатади

Кучли тайфун сабаб Toyota Япониядаги 9 та заводида ишлаб чиқаришни тўхтатади

Япониянинг йирик автомобил ишлаб чиқарувчиси Toyota Motor кучли тайфун яқинлашаётгани сабабли мамлакатдаги 9 та заводида ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатишга қарор қилди.

Компания маълумотига кўра, 7 августдан бошлаб жами 17 та ишлаб чиқариш линиясида фаолият чекланади. Бу қарор Toyota ва унинг шўъба корхоналарига тегишли заводларни қамраб олиб, компаниянинг Япониядаги ишлаб чиқариш қувватларининг ярмидан кўпроғига таъсир қилиши кутилмоқда.

Қарор кучли тайфун хавфи туфайли ходимлар хавфсизлигини таъминлаш ва эҳтимолий логистика муаммоларининг олдини олиш мақсадида қабул қилинган.

Синоптиклар маълум қилишича, жорий мавсумдаги 13-кучли тайфун 7 август куни Окинава префектураси ҳудудига етиб бориши мумкин. Унинг таъсири дам олиш кунларига қадар давом этиши прогноз қилинмоқда.

Айни пайтда Toyota Японияда 14 та заводга эга бўлиб, уларда 28 та ишлаб чиқариш линияси ишлайди. Компания табиий офат шароитида ишчилар хавфсизлигини биринчи ўринга қўйиб, ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатиш чорасини кўрди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: