Лоланинг тарихий ватани Марказий Осиё экани илмий тадқиқотда тасдиқланди

Лоланинг тарихий ватани Марказий Осиё экани илмий тадқиқотда тасдиқланди

Халқаро олимлар гуруҳи ўтказган кенг қамровли тадқиқот натижаларига кўра, замонавий лолаларнинг тарихи Марказий Осиё, хусусан Тян-Шан ва Помир-Олой тоғларидан бошланган.
Олимлар лолаларнинг 254 та намунасига тегишли пластид геномларини таҳлил қилган. Бу маълум бўлган Tulipa турларининг қарийб 86 фоизини қамраб олган.
Тадқиқотга кўра, лолаларнинг умумий аждоди тахминан 32,5 миллион йил аввал Марказий Осиёда пайдо бўлган. Янги турларнинг асосий қисми эса сўнгги 9 миллион йил давомида шаклланган.
Олимлар бу жараённи Тян-Шан ва Помир-Олой тоғларининг кўтарилиши ҳамда иқлимнинг қуриб бориши билан боғламоқда. Натижада алоҳида тоғ водийлари пайдо бўлиб, уларда лолаларнинг янги турлари шаклланган.
Айни пайтда мавжуд лола турларининг қарийб 92 фоизи сўнгги 5 миллион йил ичида пайдо бўлган.
Тадқиқот давомида Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия ва Косовода экспедициялар ўтказилиб, кўплаб намуналар тўпланган.
Олимлар Марказий Осиё ҳанузгача дунёдаги лола хилма-хиллигининг асосий маркази бўлиб қолаётганини таъкидлаган. Бу ҳудудда янги лола турлари ҳали ҳам аниқланмоқда. Масалан, 2022 йилда Қирғизистонда Tulipa toktogulica номли янги тур тавсифланган.
Мутахассислар ёввойи лолаларни Марказий Осиё табиатини муҳофаза қилиш рамзларидан бирига айлантириш мумкинлигини билдирган. Бу минтақа тоғ экотизимлари ва биохилма-хиллигини асрашга эътиборни янада кучайтириши мумкин.

Дўстларингизга ҳам юборинг: