Ҳиндистон 2023–2025 йилларда Исроилга 2,5 мингдан ортиқ ҳарбий маҳсулот етказиб берган
Amnesty International маълумотларига кўра, 2023 йил октябридан 2025 йил ноябригача Ҳиндистон Исроилга камида 2596 та ҳарбий мақсаддаги маҳсулот етказиб берган. Улар орасида қурол-яроғ, ўқ-дори, эҳтиёт қисмлар ва турли компонентлар бор.
Ташкилот маълумотларида 390 516 та ўқотар қурол деталлари, 564 970 та портловчи моддалар компонентлари, жумладан дронлар учун жанговар каллаклар ва артиллерия снарядлари гильзалари, шунингдек, ҳарбий техникага оид 298 та детал етказиб берилгани қайд этилган.
Айрим етказиб беришларда маҳсулотларни қабул қилган Исроил компаниялари ҳам аниқланган. Улар орасида Elbit Systems бўлиб, компанияга 155 мм артиллерия снарядлари ҳамда SkyStriker бараж қилувчи ўқ-дориси учун жанговар каллаклар етказиб берилган.
Бу ҳамкорлик икки давлат ўртасидаги яқин мудофаа алоқалари доирасида амалга оширилмоқда. Ҳиндистоннинг «Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган» сиёсати доирасида Israel Aerospace Industries ва Rafael Advanced Defense Systems каби Исроил компаниялари ҳам маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этмоқда.
SIPRI маълумотларига кўра, 2021–2025 йилларда Исроил мудофаа экспортининг қарийб 29 фоизи Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келган. Ҳиндистон эса Украинадан кейин дунёдаги иккинчи йирик мудофаа маҳсулотлари импортчиси ҳисобланади.
Amnesty International Ҳиндистондан ҳарбий маҳсулотлар экспортини назорат қилишда халқаро стандартларга риоя этиш бўйича «жиддий тизимли камчиликлар» мавжудлигини ҳам таъкидлаган.
