Ҳакерлар сунъий интеллект ёрдамида АҚШ разведка идораларининг тизимига бузиб кирди

Ҳакерлар сунъий интеллект ёрдамида АҚШ разведка идораларининг тизимига бузиб кирди

Номаълум кибержиноятчилар АҚШнинг бир қатор махсус хизматлари, жумладан, Марказий разведка бошқармаси (CIA), Миллий разведка директори идораси (ODNI) ҳамда Миллий геофазовий разведка агентлигининг (NGA) компьютер тармоқларига ноқонуний киришга муваффақ бўлган. Бу ҳақда The New York Times нашри хабар берди.

 

Маълум қилинишича, киберҳужум натижасида ҳужумчилар айрим маълумотлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлган.

Ҳужумга учраган тизим очиқ манбалардан олинган ахборотларни, хусусан, тижорий сунъий йўлдош операторларининг тасвирлари ва ижтимоий тармоқлардаги эълонларни таҳлил қилиш учун мўлжалланган. Ушбу маълумотлар давлат сири ҳисобланмаса-да, уларнинг ошкор этилиши жиддий хавф туғдириши мумкин. Хусусан, таҳлилчилар томонидан амалга оширилган қидирувлар ва ўрганилган материаллар орқали АҚШ разведка идоралари айни пайтда қайси давлатлар, можаролар ва минтақаларга алоҳида эътибор қаратаётганини аниқлаш мумкин.

ODNI вакилининг Reuters агентлигига маълум қилишича, ҳодиса оқибатида муҳим операцион фаолият ҳамда махфий ахборот тизимларига зарар етмаган. Марказий разведка бошқармаси эса мазкур ҳолат юзасидан изоҳ беришдан бош тортган. Associated Press хабарига кўра, тизимдаги заифлик бартараф этилган.

Nextgov нашри маълумотларига кўра, ҳужум давомида Хитойда ишлаб чиқилган Artex сунъий интеллект иловасидан фойдаланилган бўлиши мумкин. Мазкур дастур Европа комиссияси тизимларига нисбатан яқинда амалга оширилган киберҳужум билан ҳам боғланмоқда. Бироқ ушбу дастурдан фойдаланилганининг ўзи ҳужум ортида хитойлик хакерлар турганини тасдиқламайди.

Шу билан бирга, АҚШнинг молиявий жиноятларга қарши курашувчи FinCEN хизмати ҳам алоҳида киберҳодиса юз берганини маълум қилди. Рухсатсиз кириш ҳолати аниқланганидан сўнг хизмат айрим ахборот тизимларини, жумладан, шубҳали молиявий операциялар тўғрисидаги хабарларни қабул қилиш платформасини вақтинча ўчириб қўйган.

Ҳозирча мазкур икки киберҳужум ўзаро боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги юзасидан расмий маълумот берилмаган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: