Суиқасд хавфи сабабли Трамп Туркиядаги NATO саммитидан яширинча учиб кетди
У намойишкорона тарзда президент самолётига чиққан, аммо кейин уни ҳарбий Boeing’га ўтказишган.
Трамп Анқарага 2025 йилда Қатардан совға сифатида олинган янги Boeing 747-8 самолётида келган эди. Ортга эса у Air Force One президент бортида қайтмоқчи бўлган ва бу ҳақда ижтимоий тармоқларида ўзи ёзиб қолдирган.
Трамп телекамералар қаршисида самолёт бортига кўтарилган. Бироқ кейинроқ у бир нечта ёрдамчилари билан бирга Boeing C-32A ҳарбий-транспорт самолёти бортига ўтган. Нашр манбаларига кўра, президент кейтеринг (озиқ-овқат етказиш) автолифти ёрдамида бошқа самолётга ўтказилган.
Аэропортдан олинган тасвирларда «биринчи борт»нинг бир томонида президент фойдаланган оддий трап, қарама-қарши томонида эса бортга овқат юклаётган юк машинаси кўринади. Унинг контейнери самолёт эшиги даражасига кўтарилган. Кеинроқ контейнер пастга тушгач, юк машинаси у ердан узоқлашиб, яқин атрофда турган C-32A томон ҳаракатланган.
Президент бортида учаётган журналистлар (ҳамда Оқ уйнинг баъзи ходимлари) Трамп улар билан бирга самолётда эканига ишончи комил эди. Уларнинг сўзларига кўра, бортга кўтарилишганда Оқ уй ходимлари иллюминатор пардаларини ёпишни сўрашган.
The Washington Post манбаларининг хабар беришича, ушбу махфий миссия Эрон томонидан Трампга суиқасд қилиниши мумкинлиги хавфи сабабли амалга оширилган.
