Суперлига. 17-турнинг сўнгги ўйинида «Насаф» ва «Пахтакор» тўқнашади

Суперлига. 17-турнинг сўнгги ўйинида «Насаф» ва «Пахтакор» тўқнашади

Ўзбекистон Суперлигасида бугун, 16 август куни 17-тур учрашувлари якунланади. Турнинг сўнгги ва марказий баҳси Қаршида ўтказилиб, «Насаф» ўз майдонида «Пахтакор»ни қабул қилади. Учрашув соат 19:00 да бошланади.

Мазкур жамоалар жорий мавсумда бир бор тўқнашган. 28 апрель куни Тошкентда ўтган учрашувда ғолиб аниқланмаган — 2:2. Ўшанда «Насаф» учрашув сўнггида 10 киши бўлиб қолганига қарамай, 90+3-дақиқада ҳисобни тенглаштирганди.

«Насаф» сўнгги турда «Қўқон-1912» билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. «Пахтакор» эса «Бухоро»га қарши баҳсда 2:2 ҳисобини қайд этди. Тошкентликлар 11 август куни Осиё Чемпионлар лигаси доирасида «Ал-Ҳуссайн»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этган.

Қаршидаги учрашувни Аскер Нажафалиев бошқариб боради. Унга қанотларда Бахтиёрхўжа Шавкатов ва Руслан Серазитдинов ёрдам беради. Абдурашид Худойберганов VAR ҳаками сифатида ишлайди.

17-турда ҳозирга қадар «Нефтчи» «Андижон»ни 3:0, «Сўғдиёна» «Сурхон»ни 3:1, «Бухоро» ОКМКни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Шунингдек, «Навбаҳор» — «Бунёдкор» баҳси 4:3, «Динамо» — «Хоразм» учрашуви 2:2 ҳисобида якунланди, «Қизилқум» «Машъал»дан 2:0, «Қўқон-1912» эса «Локомотив»дан 2:1 ҳисобида устун келди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: