Тайванда педофил ва зўравонларга омма олдида калтаклаш жазоси берилиши мумкин
Тайван парламенти бир йўла учта референдум, жумладан, жинсий жиноятлар ва фирибгарлик учун ҳукм қилинган жиноятчиларга нисбатан жисмоний жазо қўллаш, шунингдек, атом энергетикасини қўллаб-қувватлаш бўйича референдум ўтказиш учун овоз берди. Референдумлар шу йилнинг ўзидаёқ бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, қарор сайлов комиссияси томонидан расман тасдиқланиши ва овоз бериш санаси белгиланиши керак. Бу чоралар қабул қилинган тақдирда ҳам, уларнинг кучга киришига тўлиқ кафолат йўқ.
Референдум ўтган деб топилиши учун тахминан 20 миллион овоз бериш ҳуқуқига эга сайловчининг камида 25 фоизи унда овоз бериши керак. Шу тариқа, камида 5 миллион киши “жавобни маъқуллаб” овоз бериши ва уларнинг овози қарши овозлардан кўп бўлиши лозим.
