АҚШ Халқаро жиноий суд раиси япониялик Томоко Аканега қарши санкциялар киритди
Бу ҳақда Қўшма Штатлар давлат котиби Марко Рубио маълум қилди.
Рубио, шунингдек, чекловлар Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) катта юристи, Сенегал фуқароси Абдулае Сейега ҳам дахлдордирлигини билдирди. Давлат котибининг таъкидлашича, ушбу чоралар президент Доналд Трампнинг ХЖС ходимларига нисбатан санкциялар қўллашга рухсат берувчи 2025 йилги фармойиши асосида киритилган.
«Ушбу шахслар ХЖСнинг ҳукуматлари суд юрисдикциясини тан олмайдиган мансабдор шахсларни тергов қилиш, ушлаш, ҳибсга олиш ёки жавобгарликка тортишга бўлган уринишларида бевосита иштирок этган», — деди Марко Рубио.
Маълумот ўрнида, АҚШ декабр ойида ҳам ХЖСнинг икки нафар судясига санкциялар қўллаганди. Ўшада мазкур қарор натижасида АҚШ санкциялари остидаги ХЖС юқори мартабали мулозимлари сони 11 нафарга етганди.
«Ушбу шахслар Исроилнинг розилигисиз унинг фуқароларини тергов қилиш, ҳибсга олиш ёки таъқиб қилиш бўйича ХЖС ҳаракатларида бевосита иштирок этган», — дея ўшанда чекловларни изоҳлаганди Марко Рубио.
АҚШ ва Исроил ХЖС аъзоси эмас, бироқ Фаластин ҳудудлари 2015 йилда ушбу судга аъзо давлат сифатида қабул қилинган. Суд 2024йилда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни Ғазода уруш жиноятлари ҳамда инсониятга қарши жиноятлар, жумладан, очликдан уруш қуроли сифатида фойдаланишда айблаб, уларни ҳибсга олишга ордер берганди.
Бундан ташқари, 2023 йил март ойида Халқаро жиноий суд Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер чиқарган. У Украинадан болаларни ноқонуний депортация қилишда гумон қилинмоқда.
