Норвегияда Украина талаби билан Россия кемаси қўлга олинди
Норвегиянинг Норд-Тромс округ суди Украинанинг “Нафтогаз” компанияси даъвосини қаноатлантирди. Суд Шпицберген архипелагидаги Баренцбург шаҳрида жойлашган Россиянинг “Профессор Молчанов” тадқиқот кемасини қўлга олиш ҳақида қарор чиқарди.
Маълум бўлишича, 2 сентябр куни Шпицберген губернатори кемани мусодара қилган. Кема алоҳида кўрсатма берилгунга қадар Баренцбургда лангар ташлаб туради. Ҳокимият баёнотига кўра, губернатор “Арктикуголь” компанияси билан биргаликда кема бортидаги экипаж ва йўловчилар ҳолидан хабар олиб туради.
Губернатор сайтида тушунтирилишича, кеманинг қўлга олиниши “Нафтогаз” компаниясининг 2014 йилда Россия томонидан тортиб олинган маблағларни қайтариш бўйича олиб бораётган курашининг бир қисмидир.
Россиянинг Узоқ Шарқ ва Арктикани ривожлантириш вазири Алексей Чекунков Норвегия судининг қарорини “Ғарб мамлакатларининг қонунларни менсимаслиги ва ўзбошимчалигининг навбатдаги исботи” деб атади.
Чекунков “Арктикуголь” Норвегия судининг кема қўлга олиниши бўйича қарори устидан шикоят қилишини қўшимча қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова кеманинг қўлга олинишига жавобан Россия “тегишли тарзда жавоб қайтаришини” билдирди.
“Профессор Молчанов” Россиянинг қутб ва океанографик тадқиқотлар ўтказувчи илмий-тадқиқот кемасидир. У Шимолий гидрометеорология ва атроф-муҳитни мониторинг қилиш бошқармаси флотига киради. 2025 йилдан бери кема Мурманск ва Баренцбург портлари ўртасида мунтазам қатнаб келади.
